Аннотация: В статье изучена правовая основа укрепления достигнутых успехов молодёжи и процессе реализации и повышение потенциала молодёжи в защите прав и интересов в формировании гармоничной личности в период процессов глобализации “Государственная политика молодёжи” в новой редакции.
Ключевые слова: “Независимость, молодёжь”, “Государственная молодёжная политика”, “молодая семья”, “молодой специалист”, “предпринимательство молодых”.
Худайбердиев Асомиддин Курбонкулович
Ўзбекистонда демократик жамият қуриш
назарияси ва амалиёти кфедраси ўқитувчиси,
Тошкент педиатрия тиббиёт институти
(Ўзбекистон Республикаси Тошкент ш.)
ГЛОБАЛЛАШУВ ШАРОИТИДА ЎЗБЕКИСТОНДА ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ ИЖТИМОИЙ-ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТЛАРИ
Аннотация: В статье изучена правовая основа укрепления достигнутых успехов молодёжи и процессе реализации и повышение потенциала молодёжи в защите прав и интересов в формировании гармоничной личности в период процессов глобализации “Государственная политика молодёжи” в новой редакции.
Ключевые слова: “Независимость, молодёжь”, “Государственная молодёжная политика”, “молодая семья”, “молодой специалист”, “предпринимательство молодых”.
Summary: In the article the legal basis for the strengthening of the achieved success of youth and implementation process and capacity building of youth in the protection of rights and interests in the formation of a harmonious personality in the period of globalization “the State policy of youth” in the new edition.
Keywords: “Independence, youth, “State youth policy”, “young family”, “young specialist”, “business young”.
Ўзбекистон Республикасида мустақиллик йилларида навқирон авлодни ҳар томонлама етук инсонлар этиб вояга етказишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ўтган йигирма беш йил давомида ёшларнинг конституцион ҳуқуқ, эркинликлари ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва кафолатлаш, улар таълим-тарбиясидаги узвийлик, давомийлик ва изчилликни таъминлаш, ёшларнинг ташаббускорлиги, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, ҳар томонлама рағбатлантириш, ёшлар ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилди. Бунинг самараси ўлароқ ёшларимиз халқаро миқёсда ўтказиладиган турли нуфузли танловлар, фестиваллар, фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб, буюк аждодларига муносиб ворис эканини дунё аҳлига намоён этиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ёшларга оид давлат сиёсати бўйича амалиётга самарали татбиқ этилган илғор ғоя ва ташаббусларнинг муаллифи, ёшларга ғамхўр ва меҳрибон раҳнамо эди. Ёшлар сиёсатини амалга оширишда юзага келган турли мураккаб масалалар Президент асарлари, маъруза ва нутқлари, суҳбатларида ўз акси ва ечимини топган. Бундан ташқари, Биринчи Президентимиз раҳнамолигида болалар ва ёшларга оид 22 та қонун, Президентимизнинг 27 та Фармон ва Қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 46 та қарори ҳамда 200 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, Олий Мажлис томонидан болалар ва ёшлар ҳуқуқларига оид 10 яқин халқаро шартномалар ратификация қилингани ушбу йўналишдаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Айниқса, 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун асосида ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди. Аммо таҳлилий ўрганишлар шуни кўрсатадики, давр тараққиёти ушбу қонун нормаларини бугунги кун талаблари асосида янада такомиллаштиришни талаб этади. Шу нуқтаи назардан мазкур қонунни янада такомиллаштириш, замон руҳига мослаштириш мақсадида парламент томонидан янги таҳрирда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 2016 йил 15 сентябрдан кучга кирди.
Мазкур қонун 4 боб, 33 моддадан иборат бўлиб ёшлар бўйича давлат сиёсатининг мақсад ва тамойиллари, ёшларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазаси, таълим олиш ҳуқуқи, иқтидорли ёшларга нисбатан давлат кўмагини амалга ошириш каби долзарб масалалар қамраб олинган. Унда очиқлик ва шаффофлик, ёшларга оид давлат сиёсатининг рўёбга чиқаришда ёшларннинг иштироки, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънавий, ахлоқий ва маданий қадриятлар устуворлиги, ёшларнинг камситилишига йўл қўймаслик ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий принциплари сифатида белгиланади. Бу бежиз эмас. Чунки ушбу тамойиллар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати – ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари алоҳида моддада белгилаб қўйилган. Унда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, маънавий, интеллектуал, жисмоний-ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш ўз ифодасини топди.
Шунингдек, келажагимиз эгаларини ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, кенг дунёқарашга эга қилиб тарбиялаш, терроризм, диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализим, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш каби меъёрлар ўз аксини топган. Бундан ташқари, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, иқтидорли, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш борасидаги қоидалар мустаҳкамланди, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш каби меъёрлар киритилди.
Қонунда “ёшларга оид давлат сиёсати”, “ёшлар (ёш фуқаролар)”, “ёш оила”, “ёш мутахассис”, “ёшлар тадбиркорлиги” каби 5 асосий тушунчага таъриф берилган. Масалан, “ёшлар (ёш фуқаролар)” деганда, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар назарда тутилмоқда. “Ёш оила” деганда эса иккиси ҳам ўттиз ёшдан ошмаган эр-хотиндан ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан, ёлғиз, бева эр (бева аёл) тушунчаларига аниқ таъриф берилган. Бугун фикр-мулоҳазаларимизни билдираётган мазкур ҳужжатда ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасалар батафсил ёритилган. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан бирга, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда бевосита қатнашадиган орган ва муассасалар тизими-рўйхати келтирилмоқда.
Ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этувчи давлат органлари ва муассасалари тизимига қуйидагилар киради: таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари: давлат соғлиқни сақлаштизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари; маданият ва спорт ишлари бўйича органлари; адлия органлари; мудофаа ишлари бўйича органлар шулар жумласидандир.
Таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари: ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади; таълим сифатини оширишга, малакали кадрларни таёрлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади; манфаатдор органлар ва муассасалар билан биргаликда ўрта мухсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигининг таҳлилини амалга оширади ҳамда унинг натижалари асосида таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади. Шу билан бирга, таълим сифатини ошириш ва ёшларни тарбиялаш, ўқув жараёнига таълимнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар кўради; таълим муассасаларида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни таъминлаш мақсадида спорт секциялари, фан, техника тўгараклари ва ижодий тўгараклар, клублар ташкил этади; Ўз навбатида, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, шунингдек, уларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга доир фаолиятда иштирок этади; имконияти чекланган ёшларга ижтимоий-психологик ва педагогик ёрдам кўрсатади; ёш фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш ва уларнинг ижтимоий мослашуви бўйича чора-тадбирлар кўради; ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришла иштирок этувчи бошқа органлар ва муассасалар билан ҳамкорлик қилади.
Бугун мамлакатимизда кенг қамровли ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқарувчи органлари билан биргаликда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштироки йилдан-йилга кучайиб бормоқда.
Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда мамлакатимиз ёшларнинг энг йирик нодавлат нотижорат ташкилоти -“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг алоҳида ўрни бор. Ҳозирги кунда Ҳаракат ўз атрофида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 4 миллиондан ортиқ йигит - қизни бирлаштирган. Ташкилот тизимида “Камалак” болалар ташкилоти (10 ёшдан 14 ёшгача бўлган 2 миллион нафарга яқин аъзоси бор), шунингдек, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида ташкил этилган 15 минг 600 дан ортиқ бошланғич ташкилот мавжуд.
Янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунда ёшларнинг нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам аниқ механизмларни таклиф этаяпти.
Ҳусусан, унга мувофиқ, ёшларнинг нодавлат нотижорат ташкилоти жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз иштирокчилари (аъзолари) ўртасида тақсимлайдиган, ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришни ҳамда ҳимоя қилишни, шунингдек, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишни ўзининг асосий мақсадларидан бири деб биладиган, ўзини ўзи бошқарадиган ташкилотдир.
Давлат ёшларнинг нодавлат-нотижорат ташкилотларни моддий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таълим муассасаларининг бинолари, клублари, маданият саройлари ва уйларидан, спорт иншоотларидан ва бошқа иншоотлардан фойдаланиш ҳуқуқини беради.
Ёшларнинг нодавлат нотижорат ташкилоти ўз мулкида биноларга, иншоотларга, уй-жой фондига, ускуналарга, ашёларга, маданий-маърифий ва соғломлаштириш учун мўлжалланган мол-мулкка, ўз уставида назарда тутилган, фаолиятини моддий жиҳатдан таъминлаш учун зарур бўлган пул маблағларига, қимматли қоғозларга ва бошқа мол-мулкка эга бўлиши мумкин.
Ўн тўрт ёшга тўлган шахс ёшларнинг нодавлат нотижорат ташкилоти аъзоси бўлиши мумкин. Нодавлат нотижорат ташкилотига аъзо бўлиш, аъзоликни йўқотиш шартлари ва тартиби, шу жумладан, ёшига кўра унинг аъзолигидан чиқиш шартлари тегишли нодавлат нотижорат ташкилотининг уставида белгиланди.
Қонунда, шунингдек, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ёшлар учун ижтимоий хизмат фаолият кўрсатилиши кўзда тутилган. Унга мувофиқ, ёшлар учун ижтимоий хизмат фаолиятининг йўналишлари ёш фуқароларга психологик-педагогик, юридик ёрдам кўрсатишни амалга ошириш ва маслаҳат бериш; имконияти чекланган ёш фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш; ёш оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш; таълим ва меҳнаи жамоаларида ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш назарда тутилган. Ёш мутахассисларга янги иш жойига мослашишда, уларни таёрлашга, қайта таёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш белгиланган. Вояга етмаганлар учун ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида ижтимоий ёрдам кўрсатиш; озодликдан маҳрум этиш жойларидан ва ихтисослаштирилган ўқув - тарбия муассасаларидан қайтган ёш фуқароларни ижтимоий мослаштириш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш; ҳуқуқий тарғибот, ёшларнинг ишга жойлашиш, таълим олиш ва касбий тайёргарлик, бўш вақтни ўтказиш, туризм ва спорт соҳасидаги имкониятлар тўғрисида хабардор этиш; ёшларнинг яшаш жойларида бўш вақтларини мазмунли ўтказишини ташкил этиш ва бошқалар Қонуннинг ёшлар ҳаёти билан боғлиқ барча жабҳаларни кенг қамраб олганидан далолатдир.
Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни глобаллашув шароитида ёшларимизни ҳар томонлама камол топадиганшахс, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиниши ҳамда салоҳиятини янада юксалтириш, иқтидор ва истеъдодларини рўёбга чиқариш, ютуқ ва марраларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий асос бўлиб ҳисобланади.
Фойдаланилган манбаалар