Аннотация: В статье анализированы ранние этнографические данные верований узбеков Ферганской долины.
Ключевые слова: Узбеки Ферганской долины, экологически религиозные взгляды, ранние религиозные верования, природные культы.
Исторические наука
Исхаков Бехзод Баркамалович
Наманган муҳандислик- педагогика институти
«Ўзбекистон тарихи» кафедраси ассистенти
Иномхўжаева Санобар Мухаммадихоновна
Наманган муҳандислик- педагогика институти
«Ўзбекистон тарихи» кафедраси ассистенти
Исхаков Б. Б.
Ассистент кафедры «Истории Узбекистана»
Наманганского инженерно-педагогического института
Иномхужаева С.М.
Ассистент кафедры «Истории Узбекистана»
Наманганского инженерно-педагогического института
Isxakov B. B.
Teacher, department of History of Uzbekstan,
Namangan engenering -pedagogical institute
Inomxujayeva S.M.
Teacher, department of History of Uzbekstan,
Namangan engenering -pedagogical institute
ТАБИАТ КУЛЬТЛАРИ ТАРИХИДАН
ИЗ ИСТОРИИ ПРИРОДНЫХ КУЛЬТОВ
HISTORICAL CULTS OF NATURE
Аннотация: Мақолада Фарғона водийси ўзбекларининг илк диний эътиқодларига оид этнографик маълумотлар тахлил этилган.
Калит сўз: Фарғона водийси ўзбеклари, экологик-диний тасаввурлар, илк диний эътиқодлар, табиат культи
Аннотация: В статье анализированы ранние этнографические данные верований узбеков Ферганской долины.
Ключевые слова: Узбеки Ферганской долины, экологически религиозные взгляды, ранние религиозные верования, природные культы.
Summary: The article deals with ethnographic information of religious persuasion of Uzbek people in Fergana valley.
Keywords: Uzbeks in Fergana Valley, ecological-religious notion, first religious viewpoints, cult of nature.
Инсониятнинг илк диний эътиқодлари ҳам бевосита табиат культи билан боғлиқ бўлиб, ибтидоий одамлар табиат қонунлари олдидаги ожизлик оқибатида мифологик тасаввур шаклланган. Унга кўра инсон табиий муҳит билан бирлашади яъни табиат ва инсон ўз жамоасидан ажралмаган ҳолда ҳаёт кечиради. Илк диний тасаввурларга кўра олам бу дунё, у дунё ва ғайри табиий дунёга бўлинади. Шу боис табиат культининг асоси ғайритабиий кучларга ишонч руҳи билан йўғрилган.
Ибтидоий даврда тотем – аждоднинг муайян жонивор, ўсимлик ва бошқа нарса кўринишида намоён бўлиши мифологик моҳият касб этган ва одатий ҳол деб ҳисобланган. Ана шу тушунча энг қадимги мифларда асотирий персонажларнинг ўзлари мансуб бўлган тотем қиёфасига кириши мотивини келтириб чиқарган. Мифологияда бу мотив маълум бир ҳодиса ёки ҳаётий воқелик сабабларини изоҳлаш, тушунтириш вазифасини бажарган.
Таъкидлаш жоизки, табиат культини илк диний тасаввурларнинг деярли барчасида учратишимиз мумкин. Масалан, тотемизм* қадимги туркий халқлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этган. Тотемизмда баъзи ўсимлик (дарахт) ва ҳайвонлар одамнинг қўриқловчиси ва тангрилари ҳисобланган. Муайян қавм аъзолари аниқ бир ҳайвон ёки ўсимлик зотидан тарқалган деган тасаввурда бўлганлар. Шу боисдан ҳам тотем улар учун илоҳий (муқаддас) ҳисобланган.
Қадимги туркий халқлар дарахтлар ота дарахт, она дарахт бўлади, деб ҳисоблаганлар. Инсон ҳаёти моҳиятига кўра ўз эгизак дарахти ҳаёти билан боғлиқ бўлган. Боз устига, қадимда туркийлар орасида хар бир уруғнинг ўзига хос шажара дарахти ҳам бўлган. Бу дарахт шу уруғ аъзолари учун муқаддас саналган. Р. Г. Ахметьянов фикрича, қирғизча “тангрим бир ёғса, терагим икки ёғади”, татарча “тирагинг бўлса, тирагинг бўлар” мақолларида терак сўзи ҳимоячи уруғ, ҳомий маъносида сақланиб қолган. Шубҳасиз, буларнинг бари туркийларнинг қадимий тотемистик қарашлари билан боғлиқ бўлиб, ушбу эътиқодлар туфайли қабила аъзолари ўз тотемларига қараб уруғ-аймоқларга бўлинган. Шунга мувофиқ қабила ва уруғ номлари тотем сифатида қабул қилинган ва жонивор номи билан номланган.
Қадимги даврдан бошлаб инсониятнинг табиат, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бўлган илоҳий муносабатлари асосида эътиқод ва тажрибаларни ўзида жамлаган анъанавий экологик маданият шакллана бошлаган. Бу маданиятнинг таркибий қисми сифатида табиатни асраш билан боғлиқ диний анъаналар шаклланган. Одамлар яшаб келган географик ҳудуднинг иқлими, табиати, йил фасллари ҳамда мавсумий байрамлар асосида экологик-диний тасаввурлари ривожлана бошлаган.
Фарғона водийси ўзбекларининг каби табиат унсурларига нисбатан эҳтиёткорона муносабати, уларни эъзозлаш билан боғлиқ диний-экологик қарашларнинг тарихий илдизи қадимий даврга бориб тақалади. Шубҳасиз, бу борада Ўзбекистоннинг ўзига хос тарихий-этнографик минтақаларидан бири – Фарғона водийсида ҳам қадимдан табиат ва табиат унсурларини асраш билан боғлиқ экологик қадриятлар шаклланган.
Фарғона водийси ўзбеклари анъанавий деҳқончилик машғулоти билан боғлиқ маросимлар ва урф-одатларда табиат культи излари, гарчи, қолдиқий кўриниш сифатида бўлса-да, етиб келганини ва аксарият ҳолларда исломий қарашлар билан ўзаро қоришган ҳолда амалга оширилишини кузатдик. Ислом динининг деҳқончилик хўжалиги билан боғлиқ архаик культларга нисбатан бағрикенглиги қадимий диний-мифологик тасаввурлар асосидаги деҳқончилик билан боғлиқ урф-одатларидан кўзланган асосий мақсад соф диний таълимот билан эмас, балки ҳаёт давомийлигини таъминлашга қаратилган меъёрлар, яъни, мўл-кўл ҳосил етиштириш ва уни исроф ёки нобуд қилмасдан йиғиб олишга қаратилганлигига Фарғона водийсида ўтказилган дала тадқиқотлари жараёнида ҳам амин бўлдик.
Немис фольклоршуноси В. Маннхардт илк бора деҳқончилик билан боғлиқ турли афсоналар ва образларда ўсимликлар оламининг жонланиши сирлари намоён бўлиши муаммосини илгари сурган. В. Маннхардтнинг таъкидлашича, маросимлар ва культлар асосида инсон табиатдаги ўзга мавжудотлар сингари ўсимликларда яшайди, деган нуқтаи назар мавжуд бўлган. Олимнинг фикрича, руҳнинг ўсимликка эврилиши тўғрисидаги қуйи мифология юқори илоҳлар тўғрисидаги мифологияга асос бўлган. Айнан қуйи мифология ўзига хос яшовчан бўлганлиги туфайли унинг излари деҳқончилик маросимларида яхши сақланиб қолган[1, –Б. 24].
Машҳур инглиз тадқиқотчиси Ж. Фрэзер Маннхардт маълумотларига таянган ҳолда қадимий аграр дунёқарашга оид манзарани қайта тиклаган ва унинг ривожланиш босқичларини кўрсатган ҳамда антик культлар маданиятнинг турли ривожланиш босқичларида оралиқ бўғин сифатида муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаган. Қолаверса, замонавий диншунослик фани асосчиларидан бири бўлган Ж. Фрэзер тарихий таққослаш усули асосида илк мифологик қарашлар ва ритуаллар билан Европа халқлари деҳқончилик маросимларининг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиб беришга уринган[2, – Б. 128–129.].
Дарҳақиқат, деҳқончилик билан боғлиқ равишда ўтказилган урф-одатлар, маросимлар турли аграр культларнинг магик (сеҳргарлик) кучига бўлган инонч асосида шаклланган. Шу боисдан ҳам деҳқончилик билан боғлиқ удум ва маросимларнинг кўплари исломгача бўлган табиат ҳодисаларини илоҳийлаштириш, осмон ва ер илоҳларига сиғинишга асосланган. Шарқнинг деҳқончилик воҳалари аҳолиси қадимий турмуш тарзида муҳим ўринни эгаллаган ўлиб қайта тирилувчи илоҳлар культи таниқли диншунос ва этнограф В. Н. Басилов фикрича, айнан ислом таъсирида унутилган. Бироқ, этнолог олим А. Ашировнинг таъкидлашича, қадимги аграр культлар ислом кириб келиши билан буткул йўқ бўлиб кетмаган, балки исломий қарашлар билан синкретик (қоришган) ҳолда сақланиб қолган ва ҳатто даврлар оша ХХ асргача етиб келган.[3, – Б. 141.].
Деҳқонларнинг табиат ҳодисалари олдида ожизлиги, сермашаққат меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилнинг табиий офатлар туфайли нобуд бўлиши ва табиатнинг уларга номаълум кўринмас кучларидан қўрқув муаммолардан қутилиш чораларини излаш ҳамда деҳқончилик билан боғлиқ қатор магик маросимлар бажарилишига асос бўлган. Мазкур маросимлар ва урф-одатлар илдизи жуда узоқ даврга бориб тақалиб, қадимги анимистик тасаввурлар билан боғлиқ бўлган. Деҳқончилик билан боғлиқ равишда ўтказилган урф-одатлар, маросимлар турли аграр культларнинг магик (сеҳргарлик) кучига бўлган инонч асосида шаклланган. Демак, Фарғона водийсида илк диний тасаввурлар ва табиат культи, табиат унсурларини муқаддаслаштириш билан боғлиқ энг қадимги даврда пайдо бўлган.
АДАБИЁТ
[1] Mannhardt W. Wald-uhd Feldkulte. – Berlin, 1862. – P. 24.
2 Аширов А. Ўзбек халқининг қадимий эътиқод ва маросимлари. – Тошкент: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашр, 2007. – Б. 128–129.
3 Аширов А.А. Ўзбек халқи анъанавий турмуш тарзида қадимий диний эътиқодлар (Фарғона водийси материаллари асосида. Тарих фанлари док. илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация. –Т., 2008. – Б. 141.
* «Тотемизм» атамаси Шимолий Америка ҳиндуларининг алгонкин гуруҳига мансуб «ожибве» қабиласи лаҳжасидаги «от-отем» ёки «от-отам»- сўзларидан олинган бўлиб, «унинг уруғи» деган маънони билдиради.