М.Б.Бойдадаев
НамМПИ
Ғ.А.Тўхлиев
НамМПИ
А.М.Мадрахимов
НамМПИ
“ШАХСНИНГ АХБОРОТ ОЛИШ МАДАНИЯТИ” ТУШУНЧАСИ ВА АХБОРОТ ОЛИШ БИЛАН БОҒЛИҚ БИЛИМ, КЎНИКМА, МАЛАКАЛАР
Бугунги кунда жадал тарзда кўпайиб бораётган ахборотлардан хабардор бўлиш, керакли маълумотни ажратиб олиш ва ундан фойдаланиш мумкин бўлган ҳолатда қайдлаш тезкорлиги ва сифати ҳар бир шахснинг ахборот олиш маданияти қай даражада шаклланаётганлигига боғлиқдир. Бу омил айниқса ўқув жараёнини ташкил этиш, хусусан, унинг методик таъминоти масаласига алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади. Айнан шунинг учун ҳам мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар таълим муассасалари фаолиятини ҳам замонавий талаблар ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда қайта ташкил этиш, такомиллаштириш заруриятини кун тартибига қўймоқда. Чунки улар таълим тизими мазмунан ва шаклан янгиланаётган бир паллада ҳосил бўлаётган кучли ахборот оқимини қабул қилиш, жамлаш ва ўз ўрнида уларни кенг жамоатчилик, ўқитувчилар ҳамда талабаларга энг манзур йўллар билан тақдим этишдек муҳим вазифани бажаришлари лозим. Ушбу ахборот манбаларига, биринчи галда, ўқув адабиётлари, меъёрий ҳужжатлар, методик қўлланмалар ва бевосита таълим жараёнига тааллуқли бўлган бошқа манбалар киради.
Таълим жараёнини замонавий техникалар билан жиҳозлаш, жараённи автоматлаштириш, шунингдек, педагогик ходимларининг назарий ва техник малакаларини ошириш, уларда янги ахборот технологиялари билан ишлаш кўникмаларини ҳосил этиш бугунги кунда олдимизда турган долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Республикамизда таълимни модернизациялаштирилаётган жараёнда жамиятни тезкор ахборотлаштириш, ўқув нашрлари бозорини барпо этиш, ахборот технологияларини ривожлантириш билан уйғун тарзда кечмоқда.
Бу ишлар, ўз навбатида муайян илмий ғоялар, концепциялар ва назарий ишланмалар асосида ташкил этишни тақозо этди Илгарилари моддий неъматлар жамғаришга катта аҳамият берилган бўлса, эндиликда ахборотлар ва билимлар жамиятнинг бош ресурсларига айланиб бормоқда, яъни ахборотга бўлган муносабат тубдан ўзгариб, у жамият ва давлатни ривожлантиришнинг табиий, молиявий, меҳнат ва бошқа ресурсларлари билан бир қаторда турган стратегик ресурс сифатида англана бошланди.
Замонавий ахборот ресурслари, ахборот тизимидаги ҳужжатлар оқимининг тавсиф ва хусусиятлари тобора ўзгариб бормоқда. Компьютер техникаси ривожланишининг бугунги даражасига кўра, қоғоз шаклдаги ахборот ташувчилар электрон воситаларга ўтказилмоқда. Бу ҳолат ҳужжатлар ва маълумотномаларгагина эмас, балки бадиий матнлар, назарий, педагогик ва методик адабиётларга ҳам тааллуқлидир. Интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти ахборотларни мислсиз тезликда, ер юзининг исталган нуқтасидан туриб узатиш ва қабул қилиш имконини бермоқда.
Компьютер техникаси туфайли ҳаётимизга Интернет кириб келди, китоблар ҳам, матбуот асарлари ҳам электрон вариантда тақдим этила бошланди. Ахборот оқимининг кўплиги у билан танишиш, қайд қилиш, унга ишлов бериш, ундан фойдаланишга бўлган муносабатни ўзгартириш, яъни ахборот олиш маданиятини эгаллаш заруриятини келтириб чиқарди. О.Е.Лебедев таъкидлаганидек, «Илгари “саводхон” жамият қуриш учун ҳаракат қилинган бўлса, ҳозир “маълумотли” жамиятга ўтиш содир бўлмоқда» Маълумотли мутахассис - ўз соҳасига доир деярли барча мавжуд адабиётлар ва янгиликлардан хабардор, уларни ўқиб ўзлаштирган ва ўз ўрнида қўллай биладиган шахс ҳисобланади. Шахс, у орқали бутун жамиятнинг ахборотлашувига боғлиқ.
Ахборотлашаётган жамиятда фуқароларнинг ахборот олиш маданиятини шакллантириш долзарб ижтимоий - педагогик аҳамиятга эга. Мана шу жараённинг самарали кечишида эса педагоглар, мутахассислик фанлари ўқитувчиларининг ўрни беқиёс.
Ахборот олиш маданияти ўзи нима қандай билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишни талаб этади? Педагог ва ўқитувчининг ахборот олиш маданиятини эгаллаш йўлида кўрсатадиган ўқув-билув фаолияти ўз-ўзидан изга тушиб кетмайди, албатта. Бунинг учун маълум миқдордаги ресурслар юзага келтирилиши, муайян мазмундаги қўшимча таълим зарур бўлади. Ахборот олиш маданиятини шакллантириш заруриятини келтириб чиқувчи омиллар қуйидагилардан иборатлигини эътироф этиш имконини беради:
- таълим модели ўзгариб, бир умрга етадиган билим олиш ўрнини умр бўйи таълим олиш эгаллай бошлаганлиги ;
- ахборот кўламининг жадал ортиб бораётганлиги;
- жамиятнинг кенг миқёсда ахборотлашаётганлиги;
- ахборот олиш - у билан танишишнинг ўзи эмаслиги;
- ахборот олиш оз миқдордаги адабиётлар билан чекланишни ифода этмаслиги;
- ахборотни имкон қадар кўпроқ ўзлаштириш жамият тараққиётини таъминловчи энг муҳим омил эканлиги;
- тобора тараққий этаётган ахборот техникаси ва технологиясидан фойдаланилаётганлиги.
Ахборот олиш маданияти қуйидагиларни ўз ичига олади: жамиятнинг ахборотлашув даражасини англаш; шахсда ахборот олишга интилишнинг вужудга келиши (шахснинг сифати); ахборот олишга доир билимлар, кўникмалар ва малакаларни эгаллаш; ахборот воситалари манбаларидан самарали фойдаланиш; шахс эркинлиги, унинг ахборотлашган жамиятдаги хулқ-атвори, ҳуқуқий билимлари.
Жамиятнинг ахборотлашув даражасини англаш деганда: ахборотнинг жамиятда амал қилиши; ягона ахборот маконининг юзага келиши; ахборот олиш имкониятларининг ортиши; аниқ бир жамият, халқлар, миллатларнинг ахборотлашуви; муайян фаолият соҳаларининг ривожланиш даражасини ифодалаши назарда тутилади.