Юридические науки
К.Т.Боқиев
НамМПИ
Ҳ.Муҳиддинова
НамМПИ
Ғ.А.Тўхлиев
НамМПИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИ — ИНСОН ОМИЛИ
Босиб ўтилган йигирма беш йиллик йўлимизга назар солсак, энг аввало, юртимиз мустақилликни қўлга киритганидан сўнг Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган, жаҳонда тараққиётнинг «ўзбек модели» деб тан олинган, машҳур беш тамойилга асосланган ва пухта ўйланган тараққиёт модели ҳаётга чуқур татбиқ этилиб, барча жабҳаларда юксак натижаларга эришилгани кўз олдимизда намоён бўлади.
Хусусан, ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларининг ролини кучайтириш, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилди.
Мамлакатимизни демократик янгилашнинг ҳозирги босқичдаги муҳим йўналишларидан бири — қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва эркинлаштириш ҳақида сўз борар экан, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ ислоҳотнинг мазкур йўналишига жиддий эътибор берилаётганини эътироф этиш зарур.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, суд — одил судловнинг олий нуқтаси ва унинг ролини ошириш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараён.
Ўтган даврда кассация инстанциясининг тубдан ислоҳ қилингани ва суд ишларини қайта кўришнинг апелляция тартиби жорий этилгани ҳам соҳадаги энг муҳим ўзгаришлардан бўлди. Жорий этилган ана шу янгиликлар биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш, суд фаолиятида сансалорликка йўл қўймасликнинг муҳим кафолатига айланди.
2014 йил 11 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Фуқаролик процессуал кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра энди апелляция шикояти ёки протести бўйича тушган ишни судда кўриш муддати йигирма кундан бир ойгача узайтирилди. Бу ҳам биринчи инстанция судлари қабул қилган қарор устидан тушган шикоят(протест)ни кўриш жараёнида тарафларга ўз тушунтириш ва важларини далиллар билан асослаб бериш, судга ишни ҳар томонлама ва атрофлича ўрганиб, адолатли қарор чиқариш имкониятларини кенгайтирди.
2001 йилдан бошлаб ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётига ярашув институти киритилгани ҳам соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлди. Ярашув институтининг талабига кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноий қилмишни содир этган шахс жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаб берган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилмайди. Ушбу институтнинг самарадорлиги ҳамда ўзбек халқининг бағрикенглик ва кечиримлилик каби кўп асрлик анъаналарига мослиги унинг изчиллик билан кенгайиб боришига асос бўлмоқда.
Амнистия акти биз учун мамлакатимиздаги инсонпарварлик ва бағрикенглик, миллий қадриятларга ҳурмат сиёсатининг амалдаги ёрқин ифодаси экани билан янада қадрлидир. Зотан, ушбу инсонпарварлик актини қўллаш билиб-билмай жиноят йўлига кириб қолганларнинг ҳар қандай қилмиш учун жазо муқаррар эканини англаб етишида жуда муҳим ўрин тутади.
Давлатимиз мустақилликка эришганидан буён ўтган 24 йил мобайнида 25 марта амнистия акти эълон қилинди. Ҳар йили эълон қилинаётган амнистия актидан кўзланган мақсад — фақат маҳкумларни ёки билиб-билмай жиноятга қўл урган шахсларни жазодан озод қилиш эмас, балки улар туфайли жабр тортадиган ҳар бир оила ва оила аъзолари, айниқса, ўсиб келаётган ўғил-қизларнинг келгуси тақдирини ҳамда уларнинг келажагини турли салбий таъсир ва жиддий синовлардан ҳимоя қилишдан иборатдир.
Яқинда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш ва янада инсонпарварлаштириш йўлида ўлим жазоси бекор қилинганига 10 йил тўлди. 2005 йил 1 августда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинган эди. Унга кўра Ўзбекистонда 2008 йилнинг январидан бошлаб ўлим жазоси бекор қилинди ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо тури жорий этилди. Фармон қабул қилинган кундан бошлаб ўлим жазосига маҳкум этилган шахсларнинг биронтасига нисбатан жазо ижро этилмади. Бошқача айтганда, ўлим жазоси тўғрисидаги суд ҳукми ижро этилишига де-факто мораторий эълон қилинди.
Ғоятда катта ижтимоий-сиёсий ва халқаро аҳамиятга молик ушбу тарихий воқеа нафақат юртдошларимиз, балки дунё ҳамжамиятининг эътибори ва эътирофига сазовор бўлди. Чунки эндиликда юртимизда умрбод озодликдан маҳрум қилиш фавқулодда жазо чораси бўлиб, фақат икки турдаги жиноят, яъни жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жинояти учун тайинланади. Айни чоғда бу жазо тури хотин-қизлар, жиноят содир этган пайтда 18 ёшга тўлмаган шахслар ҳамда ёши 60 дан ошган эркакларга нисбатан қўлланмайди.
Ўзбекистонда бундан ўн йил олдин ўлим жазосининг бекор қилингани, аввало, конституциявий қоидалар ҳаётга тўла татбиқ этилаётганини англатади. Зеро, Конституциямизнинг 24-моддасида: «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир», деб мустаҳкамлаб қўйилган бўлса, 13-моддасига биноан «инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият» ҳисобланади. Бу муҳим қадам, шунингдек, инсоннинг қадр-қимматини юксакка кўтариш, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўла таъминлаш, жамоатчилик онгу шуурига ўзбек халқига хос бўлган эзгу тамойилларни чуқур сингдириш имконини берди.
Ўтган даврда дастлабки тергов босқичида суд назоратини кучайтириш, мазкур соҳада суд фаолиятини либераллаштириш бўйича ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилди. Бу борада «Хабеас корпус» институтининг жорий этилиши, яъни 2008 йилдан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг прокурордан судга ўтказилиши принципиал қадам бўлганини таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 8 августдаги фармонига мувофиқ 2008 йил 1 январдан эътиборан қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судлар ваколатига ўтказилди. Шунингдек, 2007 йил 11 июлдаги «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судлар томонидан амалга оширилишига оид қонунчилик асослари яратилди. Муҳими, бугунги кунда суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида «Хабеас корпус» институти самарали қўлланилаётир.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида давлатимиз раҳбари томонидан «Хабеас корпус» институти қўлланиши доирасини кенгайтириш мақсадида судга қадар иш юритув босқичида қўлланадиган лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш таклиф этилди. Бу ҳам суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, фуқароларнинг адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг узвий давоми ҳисобланади. Мазкур концепция асосида ишлаб чиқилган ва 2012 йил 18 сентябрда қабул қилинган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун бу борада муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, жиноят процессида «Хабеас корпус» институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида 2012 йил 19 сентябрдан бошлаб судга қадар иш юритув босқичида шахсни лавозимидан четлаштириш ва тиббий муассасага жойлаштиришдек процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ваколати судларга ўтказилди.
Шу тариқа қамоққа олишга санкция бериш эҳтиёт чораси, лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат суднинг қарори асосида қўллаш тартибининг белгилангани, авваламбор, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз экани, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги ҳақидаги конституциявий норма амалда рўёбга чиқишининг яққол ифодасидир.
Шунингдек, 2014 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Жиноят-процессуал кодексида белгиланган эҳтиёт чораларининг доираси кенгайтирилди. Яъни, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси жорий этилиб, шахсга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ва унинг муддатини узайтириш судлар ваколатига берилди. Бу билан, бир томондан, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини одил суд орқали муҳофаза қилиш имконияти янада кучайди ҳамда қўшимча кафолатлар белгиланди. Қолаверса, суднинг мустақиллиги, суд ҳокимиятининг таъсирчанлиги ошди. Бу эса фуқароларнинг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Ўтган даврда мамлакатимизда иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари бўйича қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жазолари ўрнига жарима шаклидаги иқтисодий санкцияни қўллаш имконияти ҳам тубдан кенгайтирилди. Жиноий жазо тизимидан инсонпарварлик тамойилларига мутлақо зид бўлган мол-мулкни мусодара қилиш тарзидаги жазо тури чиқариб ташланганига ҳам эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.
Президентимизнинг 2015 йил 15 майда қабул қилинган «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада эркинлаштириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш йўлида муҳим қадам бўлди. Унда тадбиркорлик субъектлари солиқ ва божхона қонунчилигини бузгани муносабати билан уларнинг мулкини мусодара қилиш, тўловчи томонидан эътироз бўлганда, қўшимча ҳисобланган божхона тўловларини ундириш фақат суд қарори билан амалга оширилиши белгиландики, бу судлар зиммасига катта масъулият юклайди.
Мазкур фармонда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида маъқулланди.
Сенатнинг ана шу ялпи мажлисида маъқулланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ҳақида ҳам қисқача тўхталиш зарур. Бинобарин, шу қонун асосида жиноят қонунчилигига навбатдаги ўта муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Янги қонунга биноан озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат. Озодликни чеклаш олти ойдан беш йилгача муддатга тайинланади ҳамда суд томонидан белгиланадиган органлар назорати остида ўталади.
Озодликни чеклаш, уни маҳкумнинг яшаш жойида ўташ шартлари содир этилган қилмишнинг хусусияти ва суд чиқарган қарорни ижро этишдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, миллий қонунчиликка киритилган бу янгиликлар жазонинг адолатлилик принципини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга, айбдор шахсларни жамиятдан кескин ажратмаган ҳолда уларнинг қаттиқ пушаймон бўлиши ва тузалиши учун зарур шарт-шароит яратишга, моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплашга, шунингдек, халқаро стандартларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилишни давом эттиришга хизмат қилади.
Умуман, юртимиз суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган бундай кенг кўламли ислоҳотлар инсонпарварлик ҳамда бағрикенглик тамойиллари билан уйғун равишда амалга оширилаяпти. Мамлакатимиз жиноят қонунчилигига киритилаётган озодликни чеклаш тариқасидаги жазо тури билиб-билмай жиноят йўлига кириб қолган, ўз ноқонуний хатти-ҳаракатларидан қаттиқ пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар учун беқиёс имкониятдир. Энг муҳими, мазкур жазо тури инсонпарварлик тамойилига тўла мос бўлиб, катта тарбиявий аҳамиятга ҳам эгадир.
Президентимизнинг 2012 йил 2 августда қабул қилинган «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2012 йил 30 ноябрда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонларининг аҳамияти катта бўлмоқда. Нега деганда, мазкур ҳужжатлар сўнгги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимиятини, унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, суднинг нуфузини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонунийликни таъминлаш, демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш борасида унинг аҳамиятини кучайтиришга қаратилган кенг миқёсли ишлар амалга оширилаётганининг ўзига хос ҳуқуқий тасдиғи бўлди.
Шу ҳужжатлар асосида юртимизда судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий муҳофазаси кучайтирилди, судларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Айни чоғда, туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолияти янада такомиллаштирилди. Буларнинг барчаси, албатта, аҳолига зарур қулайликлар яратмоқда, энг муҳими, суд ишларини ўз вақтида, самарали кўриб чиқишга хизмат қилмоқда.
Конституциямизда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга экани белгиланган. Ушбу конституциявий тамойилнинг амалдаги ифодасини судларда оғир ва ўта оғир жиноят ишларини кўриб чиқиш чоғида халқ маслаҳатчилари иштироки тўлиқ таъминланаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бугунги кунда жиноят ишлари бўйича судларда оғир ва ўта оғир жиноят ишини кўришда икки нафар халқ маслаҳатчиси иштирок этмоқда. Бу эса ишни холис ҳал этиш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли муҳофазасини таъминлашда қўл келаётир. Ўтган йилнинг апрель-май ойларида республика халқ маслаҳатчиларининг навбатдаги сайлови ўтказилди. Ушбу сайловда 15 минг 744 нафар халқ маслаҳатчиси сайланди ва улар ҳозирги кунда судлов жараёнларида самарали фаолият юритмоқда.
Кейинги йилларда суд тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича ҳам изчил иш олиб борилмоқда. «Фуқаролик судловни такомиллаштириш: самарали суд бошқаруви» лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган «E-SUD» миллий электрон судлов ахборот тизими фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судида синовдан муваффақиятли ўтди. Мазкур тизимнинг икки йиллик фаолияти давомида 40 мингдан зиёд электрон тарздаги аризалар келиб тушди. Шу йилнинг биринчи ярмида 11 мингга яқин суд буйруғи бериш тўғрисидаги электрон шаклдаги аризалар судда кўриб чиқилди. «E-SUD» миллий электрон судлов ахборот тизими ҳозир Тошкент шаҳридаги яна 3 та фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судида ўрнатилди. Йил охирига қадар ушбу тизим ўрнатилган судлар сони 9 тага етади.
Мухтасар айтганда, истиқлол йилларида мамлакатимизда суд тизимининг мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноят ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш, одил судловнинг мустақиллигига эришиш, суд назорати институтини рўёбга чиқариш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари том маънода инсон ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлашга хизмат қилмоқда. Зеро, ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу муқаддас заминда истиқомат қилаётган ҳар бир инсонинг орзуларини рўёбга чиқариш ҳамда унинг учун муносиб турмуш шароитларини яратишдан иборатдир.