Мақолада талабалар мустақил ишини ташкил қилишда модулли ўқитиш методидан фойдаланиш масаласи электротехниканинг назарий асослари фани мисолида кўриб чиқилган.
Калит сўзлар: мустқил иш, модулли таълим, модул шакли ва методи, фан блоклари, модул дастури, ўқув элементлари, назорат тизими.
Ғ. Дадамирзаев, С.Ваҳобова
НамМПИ, Электр энергетика кафедраси ўқитувчилари
МОДУЛЛИ ТАЪЛИМ МУСТАҚИЛ ИШ УЧУН ДИДАКТИК МАҚСАДГА ЭРИШИШ ВОСИТАСИ СИФАТИДА
Мақолада талабалар мустақил ишини ташкил қилишда модулли ўқитиш методидан фойдаланиш масаласи электротехниканинг назарий асослари фани мисолида кўриб чиқилган.
Калит сўзлар: мустқил иш, модулли таълим, модул шакли ва методи, фан блоклари, модул дастури, ўқув элементлари, назорат тизими.
Олий таълимда талабаларнинг мустақил ишини илм олиш жараёнининг ажралмас ташкил этувчиси ҳисобланади. Қатор ривожланган мамлакатларда бунга умумий таълим вақтининг ярмидан кўпини ажратилади. Фан бўйича ўқув мақсадларига эришиш учун бу улкан заҳира ҳисобланади. Афсуски, амалда ундан тўла фойдаланилмайди, баъзан ўқитувчининг эътиборидан четда қолиб кетади. Мустақил ишни ташкил қилишнинг жуда кўп усуллари ишлаб чиқилган [1,2]. Бизнинг таҳлилимизча мустақил ишни ташкил қилиш ва уни бошқаришда модулли ўқитиш асосий восита бўлаолади.
В.В. Валетовнинг [3] фикрича “Модулли таълим ўқув материалини алоҳида ва ўзаро боғланган ўқув элементларига режали ажратиш, уларнинг ҳар бирини махсус ишлаб чиқилган ва мос равишда расмийлаштирилган ўқув масалалари билан таъминлашни ташкил қилишдир ”. Бу тизим талабаларнинг тайёргарлик даражасини, уларнинг қизиқиши ва қобилиятини ҳисобга олган ҳолда ўқув жараёнини индивидуаллантиришга имкон яратади.
Модулли таълимнинг асосий принципларига қуйидагилар тегишлидир: 1) модуллилик; 2) структуралаштириш-таълим бериш мазмунини махсус алоҳида элементларга ажратиш; 3) динамиклик; 4) амалийлик; 5) мослашувчанлик; 6) англанган истиқбол; 7) мулоқатнинг икки томонламалиги ва тенгликка асосланганлиги [3].
Модулли таълимнинг асосий воситаси модул дастури ҳисобланади. Улар алоҳида модуллардан ташкил топиб, ўқитиш сифати уларнинг мазмун ва моҳиятига боғлиқ бўлади.
Модул дастури-восита ва усуллар тизими бўлиб, унинг ёрдами ва воситасида талабаларнинг мустақил билим олиш фаолиятларининг ривожланишига эришилади.
Модул тизимида талабанинг мустақил иши-модул дастури бўйича ўқув ишларининг ажралмас қисми бўлиб, муайян тушунча, кўникма ва малакаларга эга бўлиши учун белгиланган вақт меъёрида топшириқларни талаба томонидан мустақил бажарилишидир. Унинг асосий мақсади-талабаларнинг ақлий фаоллигини ошириш, топшириқларни таҳлил қилишга ва муаммоли вазият ва вазифаларни бажариш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни шакллантиришдан иборатдир [2].
ЭтНА фанида мустақил ишни ташкил қилишнинг турли усулларидан фойдаланиш мумкин. Лекин улар ичида модулли ўқитиш воситасидан фойдаланиш юқори самарадорликка эришишга кафолат беради. Бунинг учун талабаларни модуллар дастури билан етарли миқдорда таъминлаш ва унинг электрон версиясидан фойдаланиш имкониятини яратиш, ҳар бир модулга тегишли амалий машғулотларнинг индивидуал вариантларини ишлаб чиқиш, лаборатория ишларинг мустақил ва сифатли бажарилишини таъминлаш, ҳисоб-график ишларинг вариантларини талабаларнинг мустақил бажара олиш имкониятларига мослаб вариациялаш керак бўлади. Ҳар бир модул учун мустақил иш топшириқларининг бажарилишини мунтазам назорат қилиш механизмини ишлаб чиқиш ва амалда қўллаш жараёнида унинг камчиликларини бартараф этиб бориш талаб этилади.
Модулнинг тузилиши унинг ўқув элементларидан (ЎЭ) ташкил топади. ЎЗ-О да талаба ушбу модул устида ишлаш жараёнида нималарга эришиш, яъни модулнинг аниқлаштирилган ўқув мақсадлари ёзилади. Мақсадлар аниқ ва лўнда ифодаланиш керак, чунки улар талабалар учун асос бўлиб, ишончли шакллантирилади. Модул-дарслар янги материал билан талабаларни олдиндан таништирилгандан кейин ўтказилади. Ҳар бир модулдан олдин талабаларнинг ишга тайёргарлиги ва уларнинг билим ва кўникмалари ҳақида маълумотга эга бўлиши учун кириш назорати (ЎЭ-1) ўтказиш керак. Шундан кейин талабалар янги материални мустаҳкамлашга киритадилар (ЎЭ-2,3,....). Ушбу ўқув элементларида қўйилаётган масала ва мисолларнинг, муаммоли топшириқларнинг ҳажми, тузилиши, улар мазмунининг мураккаблик даражасини аниқ ўйлаб тузиш, талабаларнинг мантиқий имкониятларини ҳисобга олиш керак. ЎЭ-2,3,4,...- бу ўзининг мазмуни бўйича масалалар тизимидан иборат, шунинг учун масалалар тизимига қўйиладиган талабларни инобатга олиш талаб этилади. Модулга катта ҳажмли масалаларни киритиб бўлмайди, чунки талаба машғулот давомида барча топшириқларни бажаришга ҳамда ўз-ўзини назорат қилишга улгуриши зарур. Ўқитувчининг вазифаси талабаларнинг юқори суръат ва жадаллик билан ишлашига шароит яратиб беришдир. Вазифалар турлича бўлиб, гуруҳдаги талабаларнинг аксарияти бир жуфтликда уларни ҳал қилишга улгуришларини ҳисобга олиш керак. Лекин уларнинг қуйи чегараси таълим стандартлари талаблари чегарасида бўлиши талаб этилади. ЎЭ-2,3,4,.... вазифаларни бажариш жараёнида жорий назорат амалга ошириб борилади. Модулнинг охириги элементида чиқиш назорати ўтказилади.
Бир фазали синусоидал ўзгарувчан ток занжирлари модулининг тузилиши соат).
ЎЭнинг рақами |
Ўқув элементининг номи |
Таълимни бошқариш (мазмуни, шакли, методи) |
ЎЭ-О |
Ўқув мақсадлари: синусоидал ўзгарувчан ток занжирларининг турлари, уларнинг параметрларини ҳисоблаш бўйича билим, малака ва кўникмаларини шакллантириш |
Аниқ мақсадлар: талабалар синусоидал ўзгарувчан токнинг ҳосил бўлиши, унинг ЭЮКи ва токи, синусоидал токнинг асосий катталиклари, уларнинг асосий қийматлари, актив, индуктив, сиғим қаршиликли занжирлар ва ушбу элементларнинг барчаси иштрок этган занжирлар тўғрисида билим, кўникма ва малакаларга эга бўладилар |
ЎЭ-1 |
Кириш назорати (тест шаклида ўтказиш) |
Физика курсидаги ўзгарувчан ток занжирлари мавзуси бўйича талабаларнинг қолдиқ билимларини назоратдан ўтказилади ва бу асосда модулнинг ўқитувчи томонидан бериладиган материали белгиланади. |
ЎЭ-2 |
Синусоидал ЭЮК ва ток, уларни характерловчи катталиклар, R,L,C элементли алоҳида занжирлар |
Ўқув материали бўйича слайд ёрдамида тушунчалар берилади, R,L,C элементлар бир вақтда иштрок этган занжир тушунтирилади ва унинг вектор диаграммасини тузиш ҳамда Ом қонунини келтириб чиқариш мустақил иш сифатида берилади. Адабиётлар ва маълумот манбалари аниқ кўрсатилади. |
ЎЭ-3 |
Умумлаштириш, хулосалар |
Ҳар бир ўқув элементи бўйича талабаларнинг мустақил масалалар ечишни таъминлаш зарур бўлганда уларни йўналтириб туриш ва консультациялар бериш. |
ЎЭ-4 |
Назорат, натижалар |
Учинчи жуфтликда ёзма назорат иши ўтказилади ва ўқитувчи модулни умумлаштириб, якунлайди |
Ўқув модулини бажаришда мустақил ишни дарс вақтида ёки уйга вазифа сифатида амалга оширилиши мумкин. Ҳар икки ҳолда ҳам у олдиндан режалаштириб қўйилади ва талабаларга маълум қилинади. Албатта бундай ишни олдин дарс вақтида амалга оширган маъқул, чунки талабаларни модул билан ишлашга ўргатилади ва уларда қийинчиликлар туғилса ўз вақтида ёрдам ва зарурий тушунчаларни берилади.
Модулли таълимга тўла ўтилганда унинг муқаррар элементи сифатида олинган илмни баҳолашнинг рейтинг тизими киради. Унда ҳар бир модулни ўрганиш натижалари бўйича ўзлаштиришни балли баҳолаш кўзда тутилади. Бу эса рейтинг тизимини модулли ўқитишга мослаб яратишни талаб этади.
Модулли ўқитишда ўқитувчининг ўқув жараёнидаги ўрни ва роли тубдан ўзгаради. Ўқитувчининг вазифаси-талабаларни модулли таълим ютуқларига ишонтириш, уларни модул орқали билим олиш фаолиятларини бошқаришни ташкил қилиш ва таълим олувчиларга бевосита консультация беришдан иборатдир. Ўқув дарсларида ўқитувчи фаолиятининг ўзгариши дарс характерини ва унга тайёргарлик кўриш мазмунини ҳам ўзгартиради: энди у янги маълумотларни яхши тушунтиришгагина эмас, балки талабалар фаолиятини яхши бошқаришга тайёргарлик кўради. Демак модулли таълимда ўқитувчининг интеграллашган дидактик мақсадга эришиши талаб этилади.
Хулоса қилиб таъкидлаш мумкинки, модулли таълим қуйидаги ютуқларга эга:
-деярли барча талабалар мустақил ишлайди (баъзилари ўқитувчи ёрдамида) ва натижада тегишли модул бўйича билими мустаҳкамланиб, ўқув фаолиятида аниқ мақсадларга эришади;
-аксарият ҳолларда талабалар мустақил ишлаб, ўз-ўзини бошқаришга, назорат қилишга ва баҳолашга ўрганади, бу уларга ўз фаолиятини англаш, билим ва кўникмаларга эга бўлиш даражасини ўзи аниқлаш, хатоларини кўриш ва уларни бартараф этиш имкониятини беради;
-модулни бажариш вақтида одатда талабалар чет ишларга чалғимайдилар.
Модулли таълимда юқоридаги ютуқларга эришиш учун ўқитувчидан жуда катта меҳнат ва педагогик маҳорат талаб этилади.
Энг катта қийинчилик-модул материалини кўп вариантда тайёрлаш ҳисобланади, чунки ҳар бир талаба ўзини модулини олиш керак. Яна битта муаммо шундан иборатки, ўқув маълумотларини структуралаштириш катта меҳнат, билим ва маҳорат талаб этади. Аввало қатор меъёрий ҳужжатларни, ўқув қўлланмаларни қайта кўриб чиқиб, модул тизимига мослаштириш керак. Навбатдаги муаммо ўқитувчининг психологик ҳолатига боғлиқ. Ўқитувчига материални репродуктив усулда беришдан ва ўзининг диктаторлик имкониятидан воз кечиб, мураббийлик фаолиятига ўтиши жуда қийин кечади. Чунки устоз-мураббий талабада шахсни ва унинг муаммосини кўра билиши ва унга ўз вақтида ёрдам бериши талаб этилади.
Модулли таълим тизими биз учун нисбатан янги соҳа бўлганлиги учун у бўйича илмий-методик изланишлар олиб бориш ва улардан амалда фойдаланишни йўлга қўйиш керак бўлади.
Адабиётлар